О проекте

Ушбу лойиҳа бир гуруҳ кўнгилли блогерлар томонидан ташкил этилган.

Ушбу лойиҳадан мақсад расмий статистикага параллел равишда муқобил, халқона статистикани шакллантиришдир. Албатта, бизнинг статистика ҳам мутлоқ ҳақиқат даъвосидан йироқ. Бироқ у ҳақиқий аҳволни кўрсатиш учун қўшимча маълумот базаси вазифасини ўташи мумкин. Бу эса, ўз навбатида, коронавирус офати кўламини аниқ баҳолаш ва кейинги қадамларни шунга қараб қўйиш учун ёрдам беради деган умиддамиз. Қолаверса, орамизда коронавирус хавфини ҳалиям етарлича англамаётганлар кўплаб топилади.

Ижтимоий тармоқларда коронавирус туфайли вафот этган инсонлар ҳақида расмий маълумотлар тўлиқ берилмаётгани, кўпчилик марҳумлар Соғлиқни сақлаш вазирлигининг статистикасида қайд этилмаётгани ҳақида кўплаб мурожаатлар пайдо бўлгач, мазкур лойиҳани амалга ошириш ғояси пайдо бўлган эди.

Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳам 17 июлда бўлиб ўтган видеоселекторлардан бирида коронавирусга қарши курашишда аниқ рақамлар бўлиши жуда муҳимлигига алоҳида тўхталган эди. Ўшанда бу борада энг катта масъулият ҳокимлар ва секторлар раҳбарлари зиммасида экани яна бир бор эслатиб ўтилганди. Бунинг учун уларда ўз ҳудудларидаги мавжуд вазият ҳақида тўлиқ ва ҳаққоний маълумотлар бўлиши, улар ҳар куни, ҳар соатда янгиланиб бориши кераклиги таъкидланганди.

– Қўлимизда аниқ маълумот, асосланган таҳлилий материаллар йўқлиги туфайли қабул қилган қарорларимиз кутилган натижани бермаяпти, – деганди Шавкат Мирзиёев. – Афсуски, биз кўпинча мана шу масалаларда оқсаяпмиз. Бу масалада қандай ёрдам зарур бўлса, марҳамат, айтинглар, барчасини ҳал қиламиз. Чунки мақсад битта: тезроқ бу балодан қутулиб, иқтисодиётимизни, ижтимоий ҳаётимизни тўлиқ тиклаб олишимиз керак.

Мазкур сайт исталган шахс коронавирус инфекцияси юқтириши натижасида вафот этган қариндошлари, қўни-қўшниси, ҳамкасблари ёки бошқа дўсту танишлари ҳақида маълумот юбориши мумкин. Юборилган маълумотлар модераторлар томонидан қисқа текширувдан ўтади ва кейинчалик сайтга жойлаштирилади. Қанча ишончли ва батафсил маълумот юборилса, текшириш шунча осонроқ бўлади.

Шунингдек, мабодо сайтда хато маълумот чиқиб кетса, исталган шахс бу ҳақда қўшимча маълумот юбориши ва хатони тўғрилашга ёрдам бериши мумкин.